Apple раҳбари Тим Кук Оқ уйда бўлиб ўтган хавфсизлик масалаларига бағишланган учрашувда Барак Обама маъмуриятини оммавий коммуникация хизматлари шифрларига калитларни қўлга киритиш истаги учун танқид остига олди. Бу ҳақда Tj хабар бермоқда.
Президент маъмурияти ва турли махфий хизматлар вакиллари иштирок этган учрашувда Тим Кук уларни шифрлаш масаласида қатъиятсизликда айблади ва мансабдорларни бузиб бўлмайдиган шифрлардан фойдаланишни қўллаб-қувватлашга чақирди. Кукнинг айтишича, Оқ уй дастурларда ҳеч қандай «бекдор»лар — ҳуқуқ-тартибот идоралари учун туйнуклар бўлмаслигини ошкор эълон қилиши лозим. Бироқ АҚШ бош прокурори бунга қарши чиқди ва шахсий маълумотлар ҳамда миллий хавфсизлик ўртасида мувозанатни сақлаш лозимлигини билдирди.
Терроризмга қарши кураш чораларига бағишланган учрашувда Google, Facebook, Cloudflare, Microsoft, LinkedIn, Dropbox ва Twitter каби IT-компаниялар вакиллари ҳам иштирок этди.
Изоҳ (0)