Ўзбекистон Республикаси Табиатни қўриқлаш давлат қўмитасида 11 январь куни Қўриқхона ва миллий боғлар куни муносабати билан «Ўзбекистон: муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизими» мавзусида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Табиатни қўриқлаш давлат қўмитаси матбуот хизмати хабар беради.
Бугунги кунда ушбу экобайрам бутун дунё бўйича аҳамиятга эга экологик сана мақомига киритилмаган, табиий ҳудудларни қўриқлашнинг экотизимни сақлашдаги аҳамиятини таъкидлашни истовчи мамлакатлар ташаббуси билан нишонланади.
Тадбирни очиб берган Табиатни қўриқлаш давлат қўмитаси раис ўринбосари вазифасини вақтинча бажарувчи О.Эгамбердиев учрашувга ташриф буюрган меҳмонларни муҳим экологик сана билан табриклади. Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизими ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг кўплаб турлари, шу жумладан, йўқолиб бораётган турларини сақлаш ва қайта тиклашда муҳим рол ўйнаши таъкидланди.
Ўзбекистоннинг Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тизимига 8 та давлат қўриқхонаси, Қуйи-Амударё биосфера резервати, 2 та миллий табиат боғи, 9 та буюртмахона ва жониворларнинг ноёб турларини кўпайтириш бўйича республика «Жайрон» экомаркази киради.
Ўзбекистон Республикаси «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги қонунга мувофиқ, Табиатни қўриқлаш давлат қўмитаси биологик назорати қўриқхоналар инспекциялари билан ҳамкорликда қўриқхоналар ҳудудида қонунбузилишларнинг олдини олиш юзасидан мунтазам равишда рейдлар амалга оширилиб келинаётганлиги маълум қилинди. Ушбу рейдлар давомида 2015 йилда 5925 та қонунбузилиш ҳолати аниқланиб, айбдорларга нисбатан тегишли чоралар қўлланилган.
Учрашув иштирокчилари муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар бошқарув соҳасидаги ташкилий механизмларни амалга ошириш масалалари бўйича фикр алмашди.
Изоҳ (0)