Hyundai Motor, Renault Samsung ва Mercedes-Benz компаниялари аниқланган турли носозликларни бартараф қилиш учун Жанубий Кореядан 29 мингта автомашинани чақиртириб олади. Бу ҳақда «ТАСС» хабар қилмоқда.
Хусусан, Hyundai Motor компаниясининг Genesis русумли седанларига 2013 йил февраль—декабрь ойлари давомида ўрнатиб келинган Ventus S1 Noble 2 ғилдирак шиналари микроёриқ ҳосил қилишга мойил бўлиб, шинадаги ҳаво босимининг пасайиб кетишига сабабчи бўлган.
Renault Samsung, ёқилғи етказиб бериш қувурида аниқланган носозлик ёнғинга сабабчи бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, 2015 йил июль ойидан 2016 йил август ойигача ишлаб чиқарилган 10,2 мингта QM5 дизелли кроссовер автомашиналарини чақиртириб олмоқда. Бундан ташқари, хавфсизлик ёстиқларидаги носозлик туфайли 2002 йил февраль ойидан 2003 йил февраль ойигача ишлаб чиқарилган SM3 русумли седанлар ҳам таъмирлаш учун қайтариб олинади.
Ўз навбатида, Mercedes-Benz 18 та турли русумдаги жами 1,8 мингта автомашинани чақиртириб олади. Жумладан, 2014 йил январь ойидан 2015 йил ноябрь ойи давомида ишлаб чиқарилган E250 Blue TEC 4Matic русумли автомашиналарида цилиндр блоки бошчасининг қопқоғи, бошқарув рулининг гидрокучайтиргич мосламаси, чироқлари ва юқори босимли ёқилғи етказиб бериш қувури носоз эканлиги аниқлаган.
Изоҳ (0)