Корея Республикаси президенти Пак Кин Хе Миллий мажлис (парламент) депутатларидан меҳнат қонунчилигига тузатишларни зудлик билан қабул қилишни талаб қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар беради.
«Агар депутатлар бу ишни амалга оширмаса, тарих уларни қоралайди. Фуқароларнинг ҳаётини яхшилаш ва иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган қонунларни қабул қилиш Миллий мажлиснинг ҳуқуқи эмас, мажбурияти ҳисобланади», — деди Жанубий Корея етакчиси.
Жорий йилнинг сентябрь ойида касаба уюшмалари вакиллари, йирик компаниялар раҳбарияти ва ҳукумат меҳнат қонунчилигини, жумладан иш берувчининг талабларига жавоб бермаган ходимларни ишдан бўшатиш жараёнини соддалаштириш юзасидан келишувга эришган эди. Бироқ қонун чиқарувчилар бир қисмининг қаршилиги туфайли ушбу тузатишлар ҳозирга қадар қабул қилинмаган.
Пак Кин Хенинг сўзларига қараганда, агар тузатишлар қабул қилинмаса, бу ҳукуматнинг 2016 йилда ялпи ички маҳсулотнинг сезиларли даражада ўсишига оид режаларига зарба беради.
Меҳнат тўғрисидаги янги қонун биринчи навбатда ёшлар ўртасидаги ишсизликка қарши курашишга қаратилган.
Изоҳ (0)