«Юлдузлар жанги: Кучнинг уйғониши» фильми прокатнинг биринчи уик-эндидаги йиғимлар бўйича жаҳон рекордини ўрнатди ва аввалги рекордчи «Юра даври олами»ни 3 миллион долларга ортда қолдирди, деб хабар қилади «РБК».
The Walt Disney компанияси президенти Роберт Айгер биринчи уик-эндда «Юлдузлар жанги»нинг янги эпизоди 528 миллион доллар ишлаганини маълум қилди. Universal Pictures компанияси ишлаб чиқарган «Юра даври олами» фильми дастлабки уик-эндда 524,9 миллион доллар йиғишга муваффақ бўлган эди.
Айгер йиғимлар компания кутганидан кўпроқ бўлаётганини айтди ва фильмнинг намойиши ҳозирча Хитойда бошланмаганини эслатиб ўтди.
Таҳлилчи Бенжамин Суинберн Disney компанияси «Юлдузлар жанги»нинг еттинчи эпизодидан тахминан 1,35 миллиард доллар ишлаб олиши мумкинлигини айтди.
«Юлдузлар жанги: Кучнинг уйғониши» фильмининг премьераси 17 декабрь куни бўлиб ўтди. Фильмнинг Хитойдаги премьераси 2016 йил 9 январга мўлжалланган.
Ҳозиргача «Юлдузлар жанги»нинг энг кассабоп эпизоди 1999 йилда экранларга чиққан «Яширин хатар» фильми эди, у прокат давомида 1 миллиард доллар атрофида пул йиққан.
Изоҳ (0)