Хонанда Лола Йўлдошева 21 декабрь куни «Истиқлол» санъат саройида бўлиб ўтган «Эътироф — 2015» мукофоти совриндорларини тақдирлаш маросимига таклиф қилинмади, дея хабар бермоқда UZ24.
Хабар беришларича, «Эътироф — 2015» тақдимотида «Йилнинг энг яхши актрисаси» йўналишида актриса Юлдуз Ражабова ғолиб деб эълон қилинган. Бироқ, актриса тасвирга олиш ишлари билан банд бўлгани боис, тақдимотда қатнаша олмаган.
Бу ҳақда маросим вақтида ҳам айтиб ўтилган. Актриса айнан қаерда, қандай тасвирга олиш ишлари билан банд бўлганига хонанда Лола Instagram’даги саҳифаси орқали аниқлик киритди.
«Айни пайтда ‘Истиқлол’ саройида ‘Эътироф’ тақдимоти бўляпти. Биз эса ‘Яраланган қанот’ қўшиғига видеоклип суратга олаяпмиз. Мен таклиф қилинган меҳмонлар рўйхатида йўқман, бироқ ‘Йилнинг энг яхши актрисаси’ — Юлдуз Ражабова эса клипим кадрида!», — деб ёзди хонанда.
Сўнг Лола актрисани мазкур муваффақият билан табриклаб, шундай кунда уни ёнида бўлгани учун миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг июлида «Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси хонанда Лола Йўлдошеванинг лицензиясини тўхтатган эди.
Изоҳ (0)