Тошкент шаҳар Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Жамоатчилик ва ОАВ билан ишлаш бўлими бошлиғи Алишер Абдуқодиров бошқарма ходимлари Янги йил кечасида тун бўйи постда бўлишини маълум қилди. Бу ҳақда «Даракчи» газетаси хабар бермоқда.
«Янги йил кечаси ЙҲХББ ходимлари Тошкент йўлларидаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш учун ҳар қачонгидан огоҳ ва сергак туради. Ходимларимиз ҳар бир машинани тўхтатиб, энг аввал ҳайдовчиларни байрам билан қутлайди», — деди бўлим бошлиғи.
«Лекин, ҳар қандай ҳолатда ҳам, қизил чироқда ўтиб кетган, рулни бошқариш пайтида телефонда гаплашган, маст ҳолатдаги ҳайдовчиларга одатий тартиб бўйича чора кўрилади», — деди Алишер Абдуқодиров.
Қайд этишларича, ЙҲХББ ходимлари Янги йил кечасида ҳам патруль бригадалари таркибида болалар арчалари ўрнатилган ҳудудларни кузатиб боради, автомашиналар рухсат этилган жойларда қўйилганини, чиқиш йўллари тўсилиб қолмаслиги ва тирбандликлар юзага келмаслигини назорат қилади.
Изоҳ (0)