Ҳиндистоннинг жанубида жойлашган Тамилнаду штатида сув тошқини оқибатида камида 310 киши ҳалок бўлди. Ўтган куннинг ўзида 45 нафар қурбон бўлганларнинг жасади топилди. Бу ҳақда Ҳиндистон Ички ишлар вазири Ражнатх Сингх томонидан берилган маълумотларга асосан «ТАСС» хабар қилмоқда.
Полициянинг маълумотига кўра, содир бўлган ўлим ҳодисаларининг деярли ярми электрнинг қисқа туташуви оқибатида юз берган. «Бу Ҳиндистон жанубида содир бўлган сўнгги 100 йил ичидаги энг кучли сув тошқини бўлди. Вазият жуда таҳликали. Армия ва миллий фавқулодда вазият кучлари етти мингдан ортиқ одамни қутқарди, лекин, яна шунча одам эвакуация қилинишини кутмоқда», ― дея маълум қилади Сингх.
Сув тошқини бошлангандан буён ҳукумат 250 мингдан ортиқ одамни вақтинчалик турар-жойларга эвакуация қилишига тўғри келиб, уларнинг кўпчилиги мол-мулкидан айрилиб, бошпанасиз қолди.
Шиддатли ёмғирлар ҳудудда икки ҳафтадан бери ёғмоқда ва синоптикларнинг хабарларига кўра, яна бир неча кун давом этади. Ушбу ҳодисадан 5 миллионга яқин аҳоли истиқомат қиладиган Ченнаи мегаполиси энг кўп зарар кўрди.
Шаҳарнинг катта қисми сув остида қолди ва сувнинг сатҳи айрим жойларда 1,5―2 метрга кўтарилган. Аҳолининг қарийб 60 фоизи электр таъминотидан маҳрум бўлиб, тахминан 40 фоизи уяли алоқа тармоғидан узилган. Ченнаида барча таълим бериш муассасалари ёпилди, завод ва фабрикалар, шу жумладан, автомобиль ишлаб чиқариш конвейерлари тўхтатилди.
Олдинроқ Ҳиндистон жанубидаги сув тошқини қурбонлари сони 188 кишига етганлиги ҳақида маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)