Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) ходимлари томонидан Санкт-Петербургдаги Пулково аэропортида контрабанда йўли билан келтирилган катта миқдордаги iPhone 6S ва Lenovo A560 смартфонлари аниқланди. Пекиндан юборилган 20 тонналик юк шаҳардаги «Пальмира» МЧЖга аталган, бироқ электроника сотувчилари бундай фирмани билмасликларини маълум қилган, дея хабар беради «РБК».
«Связной» тармоғи вакили Мария Заикинанинг фикрича, қўлга олинган партия Санкт-Петербурдаги янги йил олди сотувларининг учдан бир қисми ёки мамлакат бўйича сотувларнинг 2—3 фоизини, уларнинг нархи эса 2 миллиард рублни ташкил этиши мумкин эди.
Lenovo Россиядаги ваколатхонаси бош директори Глеб Мишин A560 модели мамлакатга расман келтирилмагани, контрабанда смартфонларнинг бозорда пайдо бўлиши эса компания учун сезиларли зарба бўлишини таъкидлади.
Изоҳ (0)