Хонанда Муниса Ризаева шу йилнинг 19—21 октябрь кунлари Тошкентдаги «Истиқлол» санъат саройида яккахон концерт дастурини тақдим этди, деб ёзади UZ24.
Концерт дастурининг учинчи куни (21 октябрь) хонанданинг таваллуд кунига тўғри келганлиги боис, концерт сўнгида фан-клуб аъзолари ва концерт режиссёри хонандага совғалар билан бир қаторда кичик бир «сюрприз»ни тақдим этди.
«Даракчи» газетаси берган хабарга кўра, режиссёр Рустам Шамсиддинов ва фан-клуб аъзолари томонидан тайёрланган «сюприз видео» саҳнадаги катта экранда намойиш этилган ва унда Россия эстрадаси юлдузларидан Филипп Киркоров, Стас Михайлов, Ани Лорак, Валерий Леонтьев, Николай Басков ва бошқалар Муниса Ризаевани туғилган куни билан табриклаган ва бу вақтда хонанда қувониб саҳнада ёш боладек сакраган, бу ҳолатни мухлислар ҳам олқишлаб турган. Аслида Россиянинг бир қатор юлдузлари томонидан юборилган табриклар Лолита ва Ирина Аллегровага аталгани ва мазкур видеоролик сохталаштирилгани бир неча кундан сўнг маълум бўлган.
Мазкур видеороликни концерт меҳмони бўлган бир қатор хонандалар ўз Instagram саҳифаларига ҳам жойлаштирган ва Instagram фойдаланувчилари томонидан аёвсиз муҳокама қилинганидан сўнг бу видеоролик жойланган саҳифалардан йўқолиб қолган.
Изоҳ (0)