Австралиянинг Голд-Кост шаҳрида 2 ноябрь, душанба куни машҳур Голливуд актёри Жонни Депп ва унинг рафиқаси Эмбер Хёрд иши бўйича иккинчи суд мажлиси бўлиб ўтди, деб ёзади «ТАСС».
Улар жорий йилнинг апрелида Квинсленд штатига ўзлари билан Йоркшир терьери зотидаги итларини олиб келиб, бу ҳақда мамлакат ветеринария хизматларини хабардор қилмаган, ва шу тариқа маҳаллий қонунни бузган эди.
Ушбу иш бўйича биринчи суд мажлиси 8 сентябрда бўлиб ўтган, бироқ у жуда қисқа бўлиб, техник хусусият касб этган эди. Бугунги мажлис ҳам узоқ давом этмади. Айблов ва ҳимоя томонлари бир-бири билан маслаҳатлашиб олиш учун яна икки ҳафта муддат сўради, бу сўров қондирилди. Кейинги суд мажлиси 16 ноябрга белгиланди.
Судда Депплар оиласи номидан Эмбер Хёрд ҳимояланадиган бўлди, бироқ у бугунги мажлисга келмади, унга маҳаллий адвокат вакиллик қилди. Хёрд жониворларни Австралияга ноқонуний равишда олиб кириш ва кириш ҳужжатларини қалбакилаштиришда айбдор деб топилса, у 100 минг долларлик жарима ёки 10 йиллик қамоқ жазосига маҳкум этилиши мумкин.
Изоҳ (0)