Афғонистондаги зилзила оқибатида ҳалок бўлган покистонликлар сони 275 нафарга, афғонистонлик қурбонлар эса 90 кишига етди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар беради.
Бундан ташқари, икки мингга яқин покистонлик жабрланган. Покистон бош вазири Навоз Шариф жабрланганларни қутқариш ишларини шахсан назорат қилиш ва табиий офат оқибатларини бартараф этиш учун Буюк Британиядаги ташрифини қисқартириб, зудлик билан ватанига қайтишни режалаштирмоқда.
Афғонистонда қурбон бўлганлар сони 90 нафарга етди. Маҳаллий ҳукуматнинг маълум қилишича, Бадахшон, Тоҳар, Нангарҳар, Кунар ва мамлакат пойтахти Қобулга энг кўп зарар етган.
Ўз навбатида, Times of India нашрининг маълум қилишича, Ҳиндистонда зилзила оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган. Қурбонларнинг аксарияти Сринагар шаҳрида яшаган. Химичал-Прадеш, Уттаракханд ҳамда Жамму ва Кашмир штатларига энг кўп зарар етган.
Аввалроқ Покистонда 228, Афғонистонда 33, Ҳиндистонда эса икки киши ҳалок бўлгани ҳақида маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)