Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг таклифига биноан Япония Бош вазири Синдзо Абэ 24 октябрь куни расмий ташриф билан Ўзбекистонга келди, деб хабар беради ЎзА.
Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев кутиб олди.
Қисқа суҳбатдан сўнг Япония делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.
Япония Бош вазирининг Ўзбекистонга расмий ташрифининг асосий тадбирлари 25 октябрга белгиланган.
Аввал хабар қилинганидек, олий даражадаги учрашув ва музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Япония ҳамкорлигини янада ривожлантиришга оид кенг кўламли масалалар, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро сиёсатга доир долзарб муаммолар муҳокама қилиниши мўлжалланган.
Ташриф якунлари бўйича томонларнинг Қўшма баёноти қабул қилиниши, савдо-иқтисодий, инвестициявий, молиявий-техникавий ва маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган ҳукуматлараро, идоралараро ва бошқа кўплаб ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган.
Изоҳ (0)