«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси Тошкент механика заводи (TMZ, собиқ «В.Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси») негизида темир йўл вагонлари ишлаб чиқарадиган корхона ташкил қилиш учун 202 миллион доллар миқдорида сармоя киритади. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Ҳукумат қарори билан тасдиқланган дастур 4 йўналиш бўйича — янги юк вагонлари (йилига 650 та), музлатиш бўлмалари ва контейнерлар (300 та), йўловчи вагонлари (50 та), шунингдек, эҳтиёт ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш сингари 14 та лойиҳани қамраб олади. Лойиҳалар темир йўл компаниясининг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.
Дастурни амалга ошириш учун «Ўзбекистон темир йўллари»нинг низом жамғармасига TMZнинг 81,52 фоиз миқдоридаги давлат активлари ўтказиб берилди. Йил охиригача корхонани компаниянинг ишлаб чиқариш тузилмасига интеграция қилиш режалаштирилмоқда. TMZга 2018 йилнинг 1 январига қадар янги ишлаб чиқариш соҳалари самарали ишлаши учун бир қанча солиқ ва божхона имтиёзлари берилди.
2013 йил сентябрида «Ўзбекистон темир йўллари» «Қуюв механика заводи» шўъба корхонасида вагонларни таъмирлаш ва вагон ишлаб чиқаришни ташкил қилишни 150 миллион долларлик маблағ ҳисобига модернизация қилган эди.
Ҳисоб-китобларга қараганда, лойиҳани амалга ошириш Россия, Беларусь ва Қозоғистон бозорларидан йирик буюртмалар олиш имконини беради. 2010 йилда «Қуюв механика заводи» Россиянинг Темир йўл транспорти федерал агентлиги сертификатлаш регистридан вагонларни кўплаб ишлаб чиқариш учун сертификат ва рухсатнома олган эди.
Изоҳ (0)