Россия президенти Владимир Путин Сурия президенти Башар Асад билан музокаралари чоғида ИШИД жангариларига қарши курашишга тайёр бўлган Сурия мухолифатини ҳарбий соҳада қўллаб-қувватлаш масаласини муҳокама этганини маълум қилди. Бу ҳақда у «Валдай» халқаро баҳс клуби қатнашчилари билан мулоқотида айтиб ўтган, дея хабар беради «РБК».
«Президент Асад билан музокараларимизнинг айрим жиҳатларини ошкор этмоқчиман, — деб жавоб берган шу хусусдаги саволга Путин. — Мен ундан ‘Сурияда ИШИДга қарши курашишга тайёр мухолифатни топсак, уларнинг террорчиликка қарши ҳаракатларини қўллашимизга қандай қарайсиз?’, — деб сўрадим. Асад бунга ижобий муносабатда эканлигини айтди».
Россия президенти АҚШ Сурия мухолифатига танкка қарши мажмуаларни етказиб бераётганини айтиб, буни «катта хато», деб ҳисоблашини билдирган. Шунингдек, АҚШ мухолифатга кўчма зенит-ракета мажмуаларини топширмаслигига умид қилган. «Америка раҳбарияти билан кўп масалаларда фикримиз бир жойдан чиқмаса-да, улар теран фикрлайдиган кишилар ва бу қуроллар тез орада уни америкалик учувчиларга қарши қаратадиганлар қўлига тушиши мумкинлигини яхши англаб етади», дея таъкидлаган Путин.
Изоҳ (0)