АҚШ собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон 22 октябрь куни АҚШ Конгрессининг Америка элчиси Кристофер Стивенснинг 2012 йил Ливиянинг Бенгази шаҳридаги ҳалокатини текшираётган қўмитаси йиғилишида ушбу ҳодиса учун у жавобгар эканлигини айтди, деб ёзади «Ведомости».
«Бенгазида содир бўлган ҳодисалар юзасидан жавобгарликни ўз бўйнимга оламан», — деди у CNN телеканали орқали узатилган чиқишида.
Шу билан бирга, Клинтон дипломатлар хавфсизлиги масаласи давлат департаментининг тегишли мутахассислари ихтиёрида бўлганини таъкидлади. «Мен уларнинг ҳисоботларини кўрмадим, уларни тасдиқламадим ҳам, рад этмадим ҳам», — деди у.
Собиқ давлат котиби қўшимча қилишича, Ливиядаги мураккаб вазиятни кўзда тутиб, бундай ҳужумларнинг барчасини ҳам олдиндан қайтариш мумкин эмас, дипломатлар иши эса муайян хавфларга эга.
2012 йил 11 сентябрда Бенгазида Америка элчихонасига ҳужум уюштирилган, натижада тўрт нафар АҚШ фуқароси, шу жумладан, элчи Стивенс ҳам ҳалок бўлган эди. Теракт ва у учун жавобгарлик Вашингтонда ҳамон муҳим сиёсий масала бўлиб қолмоқда.
Изоҳ (0)