Миллий матбуот марказида метрополитен инфратузилмасини такомиллаштириш, унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатиш сифатини янада оширишга бағишланган матбуот анжумани ўтказилди. «Тошкент метрополитени» давлат унитар корхонаси томонидан ташкил этилган тадбирда манфаатдор идора ва ташкилотлар вакиллари, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди, деб хабар беради ЎзА.
Ўзбекистон транспорт тизимида муҳим ўрин тутадиган Тошкент метрополитени қулайликлар яратиш, йўловчиларни ташиш хавфсизлигини таъминлаш ва уларга хизмат кўрсатиш маданиятини юксалтириш борасида самарали ишларни амалга оширмоқда. Чилонзор, Ўзбекистон ва Юнусобод линияларидан иборат Тошкент метрополитенининг умумий узунлиги 39 километрни ташкил этади. Ушбу транспорт хизматидан ҳар куни 160—180 минг киши фойдаланади. Айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 17 мартдаги фармойишига мувофиқ, метрополитен фаолиятини такомиллаштириш ва унинг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга қаратилган комплекс тадбирлар амалга оширилмоқда.
Масалан, Чилонзор линиясида ташқи кўриниши янгиланган поезд фойдаланишга топширилди. «Тошкент метрополитени» мутахассисларининг сўзларига кўра, корхона поездларни модернизация қилиш мақсадида Тошкент йўловчи вагонлари қуриш ва таъмирлаш заводи билан шартнома тузган. Шартномага мувофиқ, капитал таъмирлаш ишларидан сўнг олтита вагоннинг нафақат ташқи, балки ички кўриниши ҳам янгиланди. Электрик, пневматик ва механик ускуналар тўлиқ алмаштирилди.
Тадбирда эскирган рельсларни алмаштириш ишлари ҳам давом эттирилаётгани таъкидланди. Бугунги кунда Чилонзор линиясида узунлиги 18 километр рельс, «Ҳамид Олимжон» станциясида уч эскалатор янгиланди. Метрода оптик толали кабел ўтказилмоқда ва бу яқин йиллар ичида метрополитенда йўл ҳақини смарт-карта ёрдамида тўлашга ўтиш имконини беради.
Матбуот анжуманида жорий йилнинг биринчи ярмида ўтказилган ҳудудий ва тармоқлараро саноат форумларида метрополитен эҳтиёжлари учун маҳсулот харид қилиш бўйича қиймати 2,6 миллиард сўмлик 18 шартнома тузилгани қайд этилди.
Изоҳ (0)