Спорт пойабзаллари ва либослари ишлаб чиқарувчи Nike компанияси боғичлари ўзи боғланадиган кроссовкаларнинг илк намунасини ушбу пойабзалнинг экрандаги илк эгаси — «Келажакка қайтиб» фильмида Марти Макфлай ролини ижро этган 54 ёшли актёр Майкл Жей Фоксга юборди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
«Бугун Nike мазкур пойабзалнинг энг биринчи ва энг машҳур эгасига янги ишланмани тақдим этиб, Майкл Жей Фоксга совғани элтди», — дейилади Nike компанияси томонидан 21 октябрь, чоршанба куни берилган баёнотда.
Nike вакилларининг маълум қилишича, компания томонидан ишлаб чиқилган тизим пойабзал эгасининг ҳаракатларидан келиб чиқиб боғичларнинг боғланиш даражасини тартибга солиб туради. Боғичлари ўзи боғланадиган кроссовкалар оммавий сотувга чиқиши ва оммавий спортда фойдаланилишидан аввал, қўшимча синовлардан ўтказилиши керак.
21 октябрь, чоршанба кунига ўтар кечаси Nike компаниясининг Twitter’даги саҳифасида 2015 йилнинг 21 октябрь куни — режиссёр Роберт Земекиснинг «Келажакка қайтиб» трилогияси бош қаҳрамони вақт машинасида келиб қолган куни алоҳида совға бўлиши ҳақида хабар пайдо бўлганди. Компания бош рол ижрочиси Майкл Жей Фоксга қарата: «Эртага кўришамиз», — деб ёзганди.
Вақтлараро саёҳат ҳақидаги «Келажакка қайтиб» фильмларининг биринчи қисми 1985 йили экранларга чиққан. Фильмни суратга олиш ишларига Стивен Спилберг продюсер сифатида қатнашган. Фильмнинг иккинчи қисми 1989 йили, учинчиси эса 1990 йилда томошабинлар эътиборига ҳавола қилинган.
Изоҳ (0)