Ғазо секторида Исроил ҳарбийлари билан юз бераётган тўқнашувлар вақтида ҳалок бўлган фаластинликлар сони саккиз нафарга етди, 45 киши тан жароҳати олган. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
«Синьхуа» агентлигининг Фаластин маъмуриятига асосланиб хабар беришича, қурбонлар орасида бир аёл ҳам бор. Полиция вакилларининг қайд этишича, у Исроил аскарига ҳужум қилишга уринган вақти отиб ташланган.
9 октябрь куни Иордан дарёсининг Ғарбий соҳилидаги фаластинликларга ҳамдардлик билдириш мақсадида ташкил этилган намойиш вақтида Исроил ҳарбийларига қарата тош улоқтириш бошлаганидан сўнг, аскарлар намойишчиларга қарата ўт очиши натижасида тўрт киши ҳалок бўлганди.
Тўқнашувлар жума намозидан сўнг Хон-Юнусдан шарқдаги чегара чизиғи ҳудудида юз берди. Ёшлар оломонини тўсиқлардан узоқлаштириш мақсадида Исроил ҳарбий хизматчилар кўздан ёш оқизувчи гранаталардан фойдаланди.