«Чеченистон юраги» масжидидан республика раҳбари Рамзан Қодиров томонидан эҳсон тариқасида Москва жомеъ масжидига етказилган Муҳаммад (с.а.в) пайғамбарнинг соч толасини бир неча соат мобайнида беш мингга яқин одам кўрди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар беради.
РФ мусулмонлари диний идораси матбуот хизматининг маълум қилишича, бу кутилганидан кўра 2,5 марта кўпроқдир.
«Ёдгорликни кўриш учун шунча одам келганлигига қарамасдан, ҳаммаси тинч ва бахтсиз ҳодисаларсиз ўтди. Ташриф буюрган диндорлар орасида эркаклар ҳам, аёллар ҳам бор эди», — дейилади матбуот хизмати хабарида.
Пайғамбарнинг соч толаси сақланаётган капсула масжидга Москва вақти бўйича 19:00 (Тошкент вақти бўйича 21:00) атрофида етказилди. Маҳаллий вақт бўйича 23:30 га қадар масжидга киришга рухсат берилди.
Эслатиб ўтамиз, Москва жомеъ масжидига Муҳаммад (с.а.в) пайғамбар сочини кўришга икки мингга яқин киши келиши тахмин қилинган эди.
Изоҳ (0)