АҚШнинг Billboard журнали хонанда Леди Гагани «Йил аёли» деб эълон қилди. Tengrinews хабарига кўра, ажабтовур хонанда мукофотни 11 декабрь куни Нью-Йоркда ташкил этиладиган тантанали маросимда қабул қилиб олади.
Экспертларнинг қайд этишича, Леди Гага нафақат ўзига хос санъаткор, балки қатъият, чидамлилик, мардонаворлик тимсоли ҳамдир. Унинг томошабоп шоу-дастурлари, хайрия ва маърифатпарварлик фаолияти, ёшлар билан олиб бораётган ишлари ҳамда тенг ҳуқуқлилик йўлидаги кураши «замонавий дунёдаги медиа-юлдуз ролига янгича назар ташлашга ундайди».
Қайд этиш жоиз, Леди Гага мазкур янгилик Twitter’даги саҳифаси орқали муносабат билдиришга ҳам улгурди. «Billboard мени «Йил аёли» деб топганига ишонгим келмаяпти! Катта раҳмат! Мен ҳақиқатан ҳам жуда, жуда, жуда мамнунман. Ё Худо, қандай ажойиб тонг!», — деб ёзди хонанда ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Эслатиб ўтамиз, 2014 йили америкалик бошқа бир хонанда — Тейлор Свифт «Йил аёли» деб топилганди. Унгача Billboard йўналиши бўйича бу мақомни Беёнсе, Кети Перри ва Фержи қўлга киритган.
Изоҳ (0)