Каталонияда 27 сентябрь, якшанба куни маҳаллий парламентга сайловлар бошланди. Аслида бунда гап депутатларни сайлаш ҳақида борса ҳам, миллатчилик партиялари ушбу сайловларни минтақа мустақиллиги масаласи бўйича янги плебисцит (референдум) деб эълон қилди, деб ёзади Reuters.
Ғолиблик учун икки айирмачи партия — ҳукмрон CDC ҳамда сўл ERC номзодларнинг ягона рўйхатини тақдим этди. Партиялар бирлашган ҳолда 135 ўринли парламентда камида 68 та ўринга эга бўлишни кўзламоқда. Бундай натижа уларга ҳукуматни шакллантириб, қонунчиликни ўзгартириш имконини беради.
Нашр эслатишича, 2014 йил ноябрида ҳам Каталонияда референдум ўтказилган, унда 80 фоиз иштирокчилар мустақиллик учун овоз берганди.
Ўз навбатида, Мадрид бундай референдумлар юридик жиҳатдан кучга эга эмаслигини, чунки қайсидир ҳудуднинг давлат таркибидан чиқиши ҳақидаги қарорни нафақат унинг аҳолиси, балки бутун Испания фуқаролари қабул қилиши кераклигини таъкидлаган.
Изоҳ (0)