Германия канцлери Ангела Меркель Facebook асосчиси Марк Цукербергга ўз эътирозларини билдирди, дея хабар бермоқда «Эхо Москви».
Канцлер хоним ижтимоий тармоқ раҳбарияти расмий Берлиннинг миллатлараро тотувликка раҳна солувчи ва ирқий камситиш мазмунидаги хабарларнинг тарқалишига қарши кураш борасидаги хоҳиш-истакларига етарли даражада эътибор қаратмаётганидан норози.
Bloomberg агентлиги маълумотларига кўра, Меркель БМТнинг Нью-Йоркдаги тадбирларидан бирида ёпиқ тартибда Facebook раҳбарига мазкур масалага тегишли савол билан мурожаат қилган. Цукерберг «биз бу масала устида озгина ишлашимиз керак», қабилида жавоб берган.
Бундай жавобдан қониқиш ҳосил қилмаган Меркель қайтадан қизиқиб сўраган: «Сизлар бу масала устида ишлаяпсизларми?». Цукерберг: «Yeah», — деб жавоб қайтарган. Суҳбатнинг қандай давом этгани маълум эмас.
Аввалроқ, Германияга муҳожирлар оқими кучайиб бораётгани муносабати билан, Ангела Меркал Facebook’ни миллатлараро тотувликка раҳна солувчи хабарларга қарши курашни кучайтиришга чақирган эди.
Изоҳ (0)