Apple компанияси Project Titan деган шартли ном олган ва 2019 йилда дунё юзини кўриши мўлжалланаётган электромобил яратиш устида фаол иш олиб бораётганини General Motors концерни собиқ вице-президенти Боб Луц «пулни ҳавога совуриш», деб атади. Бу ҳақда «3dnews» хабар бермоқда.
«Автомобиллар ишлаб чиқариш тўғрисида сўз борганда бу борада ҳеч қандай тажрибага эга бўлмаган Apple буни General Motors, Ford, Volkswagen, Toyota ёки Hyunday’га қараганда яхшироқ уддалашига ҳеч қандай асос йўқ, — дея таъкидлаган Луц CNBC телеканалига берган интервьюсида. — Қолаверса, электромобиллар бозори ҳали-ҳануз ривожланмаган ва бирор ишлаб чиқарувчи унда арзигулик маблағ топгани йўқ».
Mercedes-Benz компанияси ҳам Titan лойиҳасига ишончсизлик билан қарамоқда. Компания топ-менежерларидан бирининг айтишича, Apple автомобилга iTunes’ни ўрната олгани уни мустақил ишлаб чиқаришга қодирлигини англатмайди.
Apple вакиллари бу баёнотларни шарҳлагани йўқ. Ўз вақтида iPhone, кейинчалик iPad қурилмалари юзасидан ҳам шундай ишончсизлик билдирилганини ёдга олсак, бунга ҳожат ҳам йўқлиги ойдинлашади.
Изоҳ (0)