Ucell мобил алоқа оператори Скандинавиянинг TeliaSonera гуруҳи Ўзбекистонни ҳам ўз ичига олган Евросиё минтақасидаги фаолиятини қисқартириши ҳақидаги баёнотига изоҳ берди. Бу ҳақда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Ucell’нинг маълум қилишича, компания «фаол ишлашда ва ривожланиш бўйича маҳаллий стратегияси ва режаларини амалга оширишда давом этади».
«Етти йил давомида Ucell компанияси TeliaSonera оиласи таркибида бебаҳо халқаро тажрибага эга бўлди ва мамлакатнинг телекоммуникация инфратузилмасига жиддий сармоя киритди. Ucell компанияси кучли, замонавий, янада профессионал ва бундан кейин ҳам ўз абонентлари, Ўзбекистон аҳолисига сифатли мобил алоқа, замонавий хизматларнинг кенг тўплами, ҳамёнбоп тарифларни таклиф қилиш учун мутлақо тайёр ҳолатга келди», — дейилади компания баёнотида.
«Бундан ташқари, Ucell компанияси корпоратив бошқарув ва барқарор бизнес нуқтаи назаридан кучли даражада такомиллашди. Ucell жамоаси ўз вазифаларини профессионал адо этишга, биринчи галда — юқори сифат ва хизмат стандартлари асосида мобил алоқа хизматларини кўрсатишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ тайёр», — дея қайд этилади компания баёнотида.
«Ucell компанияси ўз мижозлари ва ҳамкорларига бугунги кунда компаниянинг бизнес ҳаёти ҳеч қанақасига ўзгармаслигини маълум қилади. Ucell мижозлари бундан кейин ҳам ҳозирги тартибда, барча йўналишлар бўйича узлуксиз сервис ва хизматни олади», — дея маълум қилди компания.
TeliaSonera компаниялар гуруҳи Coscom МЧЖ ХКнинг акциядори ҳисобланади ва Ўзбекистонда ўз фаолиятини Ucell савдо белгиси остида ривожлантиради. TeliaSonera гуруҳининг Евросиё минтақасидан Озарбайжон, Грузия, Қозоғистон, Молдова, Ўзбекистон, Тожикистон ва Непал ўрин олган.
Изоҳ (0)