АҚШнинг Трентон шаҳрида (Нью-Жерси штати) истиқомат қилувчи ўқитувчи Арнольд Андерсон икки йил давомида 111 маротаба ишга кеч келгани учун ҳакамлик суди қаршисида жавоб берди. Бу ҳақда CBS News хабар бермоқда.
«Менда ёмон бир қусур бор — эрталаб бамайлихотир нонушта қилишни хуш кўраман. Энди бу одатимни ташлашга тўғри келади», — дея таъкидлаган Андерсон. Унинг айтишича, аслида кеч қолишлари икки дақиқадан ошмаган. Фақат бир марта машинаси бузилиб қолгани туфайли 10 дақиқа ушланиб қолган.
Мактаб маъмурияти ва ўқитувчининг фикрларини тинглаган суд Андерсонни 1 январга қадар вақтинча ишдан четлатиш билан кифояланди. Бундай қарор ходимнинг кеч қолишлари қайд этиб борилган бўлса-да, унга бирор марта ҳайфсан ёки бошқа чора қўлланилмагани билан изоҳланди.
Изоҳ (0)