Наманган шаҳрининг Конституция хиёбонида янги барпо этилган мусиқали фаввора фойдаланишга топширилди, деб хабар бермоқда ЎзА.
Қайд этилишича, Наманганда бугунги кунда шаҳарсозлик андозаларига мос равишда барпо этилган 60 га яқин бир-биридан кўркам ва гўзал фаввора ишлаб турибди.
Ўзбекистон мустақиллигининг 24 йиллиги олдидан Конституция хиёбонида амалга оширилган реконструкция ишлари доирасида янги қурилган мусиқали ва камалакранг замонавий фаввора шаҳарсозликнинг гўзал намунаси сифатида наманганликларга байрам туҳфаси бўлди.
«Сфера дизайн қурилиш» масъулияти чекланган жамияти бунёдкорлари хориждан келтирилган илғор технологиялар асосида барпо этган мусиқали фавворанинг диаметри 18 метр. Ундан 20 метр баландликка отилиб турадиган сув мусиқа оҳанглари ва ранг-баранг чироқлар шуъласига уйғунлашиб, камалак мисол бетакрор манзара ҳосил қилади.
Пойтахтдан келган эстрада хонандалари ва вилоят санъаткорлари ижросидаги концерт тадбир иштирокчиларига янада кўтаринки кайфият бағишлади.
Изоҳ (0)