Жорий йилнинг 10—12 сентябрь кунлари Марғилон шаҳрида, шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Ўзбекистон Республикаси ЮНЕСКО ишлари бўйича Миллий комиссияси ва Халқ усталари, мусаввирлари ва ҳунармандлари Республика «Ҳунарманд» уюшмаси билан ҳамкорликда «Атлас байрами» фестивали ўтказилади. Бу ҳақда «Ҳунарманд» уюшмаси Марғилон бўлими бошлиғи Расулжон Мирзааҳмедов «Дарё»га маълум қилди.
Фестиваль доирасида ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Республика «Ҳунарманд» уюшмаси билан ҳамкорликда Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган ипакли мато тўқувчилар, кашта тикувчилар, гилам тўқувчилар, миллий қўғирчоқ ясовчилар, миллий матолардан либос яратувчи ҳунармандлар ўртасида энг яхши экологик тоза маҳсулот ва анъанавийликни сақлаган маҳсулотларни аниқловчи «Сифат белгиси» кўрик танлови, Марғилон «Марказий истироҳат боғи»да ҳунармандлар кўргазмаси ўтказилади.
Бундан ташқари, шаҳардаги касб-ҳунар коллежи ўқувчилари ва ёш ҳунармандларга малакали ҳунармандлар, Жанубий Кореядан 6 нафар мутахассис, ЮНЕСКОни Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан таклиф этилаётган бангладешлик дизайнер Биби Рассел томонидан мастер-класслар ва миллий матолардан яратилган либослар намойиши ўтказилади.
Изоҳ (0)