Қозон шаҳрида давом этаётган сув спорти турлари бўйича жаҳон чемпионатининг навбатдаги кунида чорак ва ярим финал беллашувлари ўтказилди, дея хабар бермоқда «Sports.uz».
50 метрга брасс усулида сузиш бўйича ўзбекистонлик Владислав Мустафин ярим финалга чиқишни уддалаганди. Аммо тажрибали спортчи ярим финал баҳсларида муваффақиятсизликка учради ва мусобақани тарк этди.
Таъкидлаш жоизки, ярим финал беллашувларини шарҳлаб борган рус сухандони Мустафинни Беларусь республикаси вакили сифатида таништирди. Дмитрий Губерниев илгари ҳам худди шундай хатога йўл қўйганди. Ўшанда Сочи шаҳридаги қишки Олимпиада ўйинлари очилиш маросими трансляцияси пайтида Губерниев адашиб, Ўзбекистон жамоасини Тожикистон деб таништирган эди.
Изоҳ (0)