Португалияда бўлиб ўтаётган пляж футболи бўйича жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг иккинчи тур ўйинлари доирасида 11 июль куни Сенегал терма жамоаси мусобақа мезбони — Португалия билан баҳс олиб борди.
Ушбу учрашувни ўзбекистонлик ҳакам Бахтиёр Намозов бошқариб борди. Мазкур чемпионат Бахтиёр Намозов учун иккинчи мундиалдир. У бунга қадар 2013 йили Таитида бўлиб ўтган Жаҳон чемпионатига чақирув олиб, жами 7 та ўйинда ишлаган.
Намозов барча қитъанинг энг кучли терма жамоалари иштирокида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиладиган Қитъалараро Кубок ўйинларида, шунингдек, Осиё чемпионатларида ҳам ҳакам сифатида иштирок этган, деб ёзади Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати.
Сенегал ва Португалия ўртасидаги баҳс 6:5 ҳисобида африкаликлар фойдасига ҳал бўлди. Бахтиёр Намозов учрашувда 3 марта сариқ карточка кўрсатди, бир вазиятда эса мезбонлар футболчисини майдондан четлатди.
Изоҳ (0)