32 миллиард долларга баҳоланган бор бойлигини хайрия қилгани хабар берилган Саудия Арабистони шаҳзодаси Ал Волид бин Талал бин Абдулазиз ал Сауд ушбу бойликни ўзининг кўчмас мулк соҳасига киритган сармоялари эвазига топган, деб ёзади «Ведомости».
Қайд этилишича, ёшлигида отаси унга уй совға қилган, ўқиши учун 30 минг доллар берган ва 300 минг доллар кредит ажратган. Қолган бойлигини унинг ўзи ишлаб топган. Унга тегишли Kingdom Holding Company ҳозирда Apple, Twitter, Citigroup, Canary Wharf, Time Warner каби компанияларнинг акциялар пакетига, George V, Savoy, Four Seasons ва Mоvenpick меҳмонхоналарида улушга эга.
Шаҳзода филантроплик ва хайрия фаолияти билан 2000 йиллардан шуғуллана бошлаган. Дастлаб у АҚШнинг George Herbert Walker Bush стипендия жамғармасига 500 минг доллар ўтказган, кейин Қоҳирадаги Америка университетига Британиянинг Exeter Универстети, Гарвард ва Жоржтаун университетларига маблағ ажратган. 2004 йилдан табиий офатлар қурбонлари учун пул ажратишни бошлаган.
Компаниясининг собиқ ходимларидан баъзиларнинг сўзларига кўра, шаҳзоданинг хайрия фаолияти ҳам одатда яхши образ яратиб, якунда фойда олишга қаратилган. «Ал Волид нима қилса ҳам сабабсиз, шунчаки қилмайди», — дейди улардан бири.
Изоҳ (0)