Мозамбикда рекорд миқдордаги каркидон шохлари ёқиб юборилди
Мозамбикда 193,5 килограмм каркидон шохлари ёқиб юборилди. Бу тадбир каркидон шохлари ва фил суяги савдосига қарши кураш кампанияси доирасида ўтказилди ва бу борадаги янги дунё рекорди қайд этилди. Шунингдек, тадбир давомида 2,4 тонна фил суяги ҳам йўқ қилинди. Бу ҳақда табиатни қўриқлаш жамиятига (Wildlife Conservation Society) асосланиб, Reuters хабар бермоқда.
Охирги беш йил мобайнида Мозамбикда филлар сони икки баробар камайган — мамлакат 10 мингга яқин жонивордан маҳрум бўлди. Қўшни Жанубий Африка Республикасида эса ўтган йили 2013 йилга нисбатан 20 фоиз кўп — 1125 та каркидон нобуд бўлган.
Кейинги уч ой мобайнида Конго, Хитой, БАА ва АҚШда ҳам фил суяги захиралари оммавий равишда йўқ қилинди.