Жаҳон ёввойи табиатни муҳофаза қилиш фондининг Австралия бўлими ташкилотнинг YouTube хизматидаги расмий каналига Катта Тўсиқ рифи ҳақидаги видеони жойлаштирди. Роликнинг асосий ўзига хослиги шундаки, у денгиз тошбақасининг косасига ўрнатилган камера орқали суратга олинган.
Видеоёзув иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитнинг ифлосланиши рифда яшовчи тошбақа колониялари ҳаётига қанчалик таъсир кўрсатаётганини ўрганиш мақсадида ташкил этилган тадқиқот доирасида олинган. Мазкур жониворларнинг табиий муҳитдаги ҳаракатлари ҳақида кўпроқ маълумот олиш ниятида олимлар тажрибадаги тошбақага GoPro камерасини ўрнатиб, сўнг уни сувга қўйиб юборган.
https://youtu.be/2I6hDqCrI9o
Ролик тахминан уч дақиқа давом этади, шундан сўнг эрки ўзида бўлмаган «оператор» (Chelonia mydas яшил денгиз тошбақаси) камерани ирғитиб ташлаб, сўнг сузиб кетади. Қурилмани ғаввос қутқариб қолган.
Фонд вакилларининг фикрича, фильмнинг эълон қилиниши Катта Тўсиқ рифида ҳаёт кечираётган денгиз тошбақалари ва бошқа 6 минг тур жониворга таҳдид солаётган хавфларга жамоатчилик эътиборини қаратишга ёрдам беради.
Катта Тўсиқ рифи — жаҳондаги энг йирик маржон рифи бўлиб, уни ҳатто коинотдан ҳам кўриш мумкин. У ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган.