2015 йил 1 июль куни Ўзбекистоннинг барча олий таълим муассасаларида (ҳарбий ОТМлардан ташқари) 2015—2016-ўқув йили учун магистратура йўналишларига қабул комиссиялари иш бошлади, деб хабар бермоқда «Xushnudbek.uz».
Ҳужжатлар 1 июлдан 30 июлгача қабул қилинади. Жорий йилда 68 та ОТМларга 5 минг нафар магистр талабалар қабул қилиниши режалаштирилган.
Магистратурага киришда абитуриентлар (бакалавр даражасига эга бўлганлар, дипломли мутахассислар) олий таълим муассасаси қабул комиссиясига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этадилар:
- магистратура мутахассислиги кўрсатилган ҳолда, олий таълим муассасаси ректори номига ариза;
- олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатнинг асл нусхаси (ёки дипломдан кўчирма — Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасаларини давлат гранти бўйича ўқиб тугатганлар учун) ҳамда унга илова;
- 3,5 х 4,5 ҳажмдаги 6 дона рангли фотосурат;
- 086-У — шаклдаги тиббий маълумотнома.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 23 июлдаги №206-сонли қарорига асосан, «Тошкент давлат юридик университети магистратурасига қабул қилиш тартиби тўғрисида»ги Низом тасдиқланган бўлиб, мазкур ОТМ магистратурасига қабул айнан ўша Низомга асосан олиб борилади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилдаги қабул жараёнларига бағишлаб, «Дарё» интернет-нашри ва «Xushnudbek.uz» сайтлари ҳамкорликда махсус «Абитуриент—2015» лойиҳасини ташкил этди. Бунда қабул комиссияси фаолияти билан боғлиқ янгиликлар, маълумотлар, бўлажак талабаларга маслаҳат ва тушунтиришлар бериб борилади.
Изоҳ (0)