Муқаддам 4 марта судланган Андижон вилоятида туғилган шахс бу сафар ўта қабиҳ қилмишга қўл урди, деб ёзади «Ҳуқуқ» газетаси.
Навбатдаги жазони ўтаб чиқиб, новвойхоналардан бирида иш бошлаган бу шахс соғлиғи яхши эмаслиги сабаб тез-тез даволанадиган кўнгли яримта қизнинг ишончига киради ва унга муҳаббат изҳор қилади. Жиноятчи қизни зиёратгоҳга олиб боришни ваъда қилиб, у билан йўловчи машинада йўлга тушади. У бироз юргандан кейин машинадан тушади ва дала орқали йўлни кесиб чиқиш мумкинлигини айтади. Қизнинг қаршилигига қарамай, уни бошига уриб, бўғади ва бокира қизнинг номусига тегади. У қизнинг сумкасини титкилаб, пулларини олиб қўяди.
Уйга қайтиб келган қиз ИИБга ариза билан мурожаат қилади. Бундан хабар топган зўравон аввалига Жиззах шаҳрига, кейин Гулистонга қочиб ўтади. У эски танишининг уйига маишат қилиш учун борганида бир қиз билан танишиб қолади. Бироқ кўп ўтмай, йигит бу қизга нисбатан ҳам эски одатини ишга солади. Қизнинг қаршилигига жавобан эса, ўзи билан олиб юрган пичоғини ишга солади ва унга тан жароҳати етказади. Қизнинг жон аччиғида бақирганини эшитган хонадон бекаси таниши билан ичкарига югуради. Зўравон уларни ҳам пичоқлаб, воқеа жойидан қочиб қолади. Жабрланувчилар касалхонага олиб кетилади, бироқ оғир тан жароҳати олган хонадон бекаси шифохонада вафот этади.
Кўп ўтмай, зўравон ва қотил қўлга олинади…
Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилоят суди нафақат зўравонлик, балки бир инсоннинг ҳаётдан бевақт кўз юмишига сабабчи бўлган жиноятчига 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.
Изоҳ (0)