АҚШнинг таниқли Mercer консалтинг фирмаси хориждан келиб ишловчилар учун энг қиммат шаҳарларнинг 2015 йилги рейтингини эълон қилди. Унга биноан, Ангола пойтахти Луанда кетма-кет учинчи йил хорижлик ишчилар учун энг қиммат шаҳар деб топилди.
Шунингдек, рейтингда дастлабки ўнликдан Гонконг, Цюрих (Швейцария), Сингапур, Женева (Швейцария), Шанхай (Хитой), Пекин (Хитой), Сеул (Жанубий Корея), Берн (Швейцария) ва Нжамена (Чад) ўрин олган. Рейтингга жами 211 та шаҳар киритилган.
Рейтингда сўнгги ўринда қайд этилган Қирғизистон пойтахти Бишкек шаҳри хорижлик ишчилар учун энг арзон шаҳар деб топилган. Эътиборлиси, рейтингга Тошкент шаҳри ҳам киритилган — Оттава (Канада) ва Аддис-Абеба (Эфиопия) билан биргаликда 162-ўринни эгаллаган Ўзбекистон пойтахти чет элдан келиб ишловчилар учун энг арзон шаҳарлардан бири бўлган.
Шунингдек, рейтингда энг арзон шаҳарлар сифатида Тбилиси (Грузия), Манагуа (Никарагуа), Кейптаун (ЖАР), Минск (Беларусь), Банжул (Гамбия), Скопье (Македония), Тунис, Карачи (Покистон) ва Виндхук (Намибия) кўрсатилган. МДҲ шаҳарларидан Боку (Озарбайжон) 33, Москва (Россия) 50, Олма-ота (Қозоғистон) 94, Ашхобод (Туркманистон) 127, Санкт-Петербург (Россия) 152, Киев (Украина) 184, Ереван (Арманистон) 192-ўринда қайд этилган.
Изоҳ (0)