Фарғона вилоятида ҳам «Кексаларни эъзозлаш йили» Давлат дастури ижроси доирасида 9 май – Хотира ва қадрлаш куни муносабати билан 467 нафар 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларига «Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 70 йиллиги» эсдалик юбилей медали ҳамда пул мукофотлари топширилди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
159 нафар уруш фахрийси Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган телевизорлар билан бепул таъминланди. Йил бошидан буён 500дан зиёд кексалар вилоятдаги сиҳатгоҳларда дам олди, саломатлигини мустаҳкамлади. Қишлоқларда истиқомат қилаётган 8 минг 680 нафар кексалар чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. 3 минг 250 дан зиёд отахону онахонларнинг кинотеатр, театр, музейларга, концертлар ва бошқа маданий-маърифий тадбирларга бепул бориши ташкил этилди.
97 маҳалла фуқаролар йиғинида оталар чойхонаси, шахмат-шашка клуби ташкил этилди. «Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин» шиори остида кекса ёшдаги 206 меҳнат фахрийсининг Тошкент, Бухоро, Самарқанд, Хива, Андижон, Қўқон шаҳарларига саёҳати уюштирилди. Шу кунларда жойларда «Аср билан юзма-юз», «Кексалар дуосини олайлик» каби акциялар ўтказилмоқда.
Хусусан, вилоятнинг Риштон туманида ҳамкор ташкилотлар билан бирга 18 нафар Иккинчи жаҳон уруши иштирокчисига 1 миллион 100 минг сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди. «Маҳалла» фонди туман бўлими саъй-ҳаракати билан ҳудудда истиқомат қилаётган 65 нафар кексанинг уй-жойи таъмирланди. Бундан ташқари, 50 нафар ёлғиз ва ёрдамга муҳтож кексаларга уй-рўзғор буюмлари ва совғалар берилди. «Нуроний» жамғармаси туман бўлими билан ҳамкорликда «Кексалар завқи» спорт мусобақаси ташкил этилди.
«Нуронийларнинг юртимиздаги диққатга сазовор жойлар, тарихий шаҳарларга саёҳати ташкил этилиб, улар мустақиллик йилларида амалга оширилаётган улкан бунёдкорлик ишлари билан таништирилмоқда», - дейилади ЎзА хабарида.