Чеченистондаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Нурди Нухажиев кўпхотинлиликни расмийлаштиришни ёқлаб, бундай ўзига хос масалалар АҚШдаги каби минтақалар доирасида ҳал қилиниши лозимлигини маълум қилди, деб хабар бермоқда Meduza.
«Мамлакатда бор овоз билан ва бутунлай жиддий тарзда фоҳишалик, бир жинсли никоҳлар ва жинсий озчиликларнинг бола асраб олиш ҳуқуқини расмийлаштиришни талаб қилаётган ва эришаётган кучлар мавжуд. Буларнинг барчаси яхшилик сифатида кўриляпти. Мусулмонлар ўз ҳуқуқларини талаб қила бошлаганда эса, бу гўёки ёмон нарса деб қабул қилинади. Айтганча, ҳали ҳеч ким Россия Конститутсиясининг диний эътиқод тўғрисидаги моддасини бекор қилгани йўқ», − деди Нухажиев.
Унинг сўзларига кўра, Россия дунёвий давлат бўлса ҳам, бу ерда 20 миллиондан ортиқ мусулмон яшайди ва қонунлар исломга эътиқод қилувчи халқларнинг оила институти ўзига хосликларини инобатга олиши лозим. Нухажиевнинг таъкидлашича, кўпхотинлиликнинг қонунийлаштирилиши юз минглаб аёлларнинг қонуний никоҳли ҳаёти ва 100 минглаб болаларнинг қонуний биологик отаси бўлишини таъминлайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Чеченистон раҳбари маъмуриятининг бошлиғи Магомед Даудов, шунингдек Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ўзи бу масалани ёқлаб чиққан. Бундай муҳокамалар 47 ёшли милиционер ва 17 ёшли қизнинг тўйидан кейин бошланиб кетган эди.
Изоҳ (0)