Нукусда оғир атлетика бўйича 1995 йилда туғилган ва ундан кичик ёшдаги спортчилар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Olamsport». Мусобақада юртимизнинг барча ҳудудларидан 100 нафарга яқин спортчи 15 вазн тоифасида ўзаро баҳслашди.
Ўз вазн тоифасида Хоразм вилоятидан Саидакром Қурбонов, Қорақалпоғистон Республикасидан Давлат Ўтебоев ва Муҳаммаддин Муратбоев, Самарқанд вилоятидан Жонибек Бозоров ва Кабатулла Samiев, Тошкент вилоятидан Отамурод Ортиқбоев, Сурхондарё вилоятидан Беҳруз Иннатуллаев Ўзбекистон чемпиони бўлди.
Айниқса, Муҳаммаддин Муратбоевнинг маҳоратини мухлису мутахассислар юқори баҳолади. Истеъдодли спортчи штангани даст ва силтаб кўтариш бўйича жами 282 килограмм натижа кўрсатиб, Ўзбекистон спорт устаси меъёрини бажарди.
Қизлар ўртасидаги вазни 75 килограммгача бўлган спортчилар баҳсида иштирок этган мезбонлар вакиласи Гўзал Наимова штангани даст ва силтаб кўтаришда жами 166 килограмм тош кўтариб, биринчи ўринни эгаллади.
Шунингдек, Хоразм вилоятидан Зуҳра Отажонова, Самарқанд вилоятидан Замира Аминжонова, Тошкент вилоятидан Хадича Абдурасулова, Андижон вилоятидан Мунаввара Низомжонова, Қашқадарё вилоятидан Лайло Тўрабоева ва Ҳулкар Чоршанбиева ўз вазн тоифасида тенгсиз деб топилди.
Умумжамоа ҳисобида Қорақалпоғистон Республикаси спортчилари 3 олтин, 2 кумуш ва 3 бронза медалини қўлга киритиб, биринчи ўринни эгаллади. Иккинчи ўрин Тошкент вилояти жамоасига насиб этган бўлса, учинчи ўринни Хоразм вилояти вакиллари эгаллади.
Изоҳ (0)