Россиянинг Челябинск шаҳрида таэквондонинг олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган WTF йўналиши бўйича жаҳон чемпионати якунланди. Кеча мусобақанинг сўнгги кунида сўнгги медаллар жамланмаси ўз эгаларига топширилди, деб хабар бермоқда «Olamsport».
Мусобақанинг сўнгги куни даянга чиққан 80 кг вазн тоифасидаги Максим Рафалович совриндорлар сафидан жой ола билмади. Шундай бўлсада, якунда 1 та олтин, 2 та кумуш медалини қўлга киритган Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида 4-ўринни эгаллади. Бунақаси ҳали ўзбек таэквондо тарихида бўлмаганди.
Таъкидлаш жоиз, Максиминг укаси Никита Рафалович мусобақанинг иккинчи кунги баҳсларида 74 кг вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритганди. Икки кун аввал Дмитрий Шокин жаҳон чемпионатининг олтин, Жасур Бойқўзиев эса кумуш медали билан тақдирланган эди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу жаҳон чемпионатида дунёнинг 141 давлатидан келган энг кучли даян усталари ғолиблик ва шу билан бирга Рио—2016 Олимпия ўйинларининг муҳим рейтинг очколари учун баҳс олиб борди.
Умумжамоа ҳисобида биринчи ўрин Жанубий Корея терма жамоаси эгаллади. Ушбу спорт тури юрти вакиллари 4 та олтин, 1 та бронза медалини қўлга киритди. 3 та олтин, 2 та бронза медалига эгалик қилган Эрон терма жамоаси иккинчи, 2 та олтин, биттадан кумуш ва бронза медали билан тақдирланган Туркия терма жамоаси кучли учликка якун ясади.
Ана шу 4 та терма жамоадан ташқари, Хитой Тайпейи, Буюк Британия, Бельгия, Таиланд, Озарбайжон ва Япония терма жамоалари ҳисобида ҳам бир нафардан жаҳон чемпиони бор. Умуман олганда, 150 га яқин давлатдан 28 таси ўз юртига камида битта бронза медали билан қайтди.
Яна бир бор таъкидлаб ўтамиз, ушбу жаҳон чемпионати Ўзбекистон таэквондоси тарихида янги саҳифани очди. Дмитрий Шокин айни пайтда таэквондонинг ҳам ITF, ҳам WTF йўналишида жаҳон чемпиони бўлган Ўзбекистондаги ягона спортчига айланди. У бу сафар энг кўп 120 рейтинг очкосига эга бўлди.
Изоҳ (0)