Яман ҳудуди «Ансоруллоҳ» шиа ҳаракати тарафдори ҳисобланган исёнчи-хусийлар тўлиқ таслим бўлгунича Саудия Арабистони бошлиқ «араб коалицияси» ҳарбий-ҳаво кучлари томонидан бомбардимон қилинади. Бу ҳақда, Sky News Arabia’га асосланиб, ТАСС хабар бермоқда.
Коалиция қўмондонлиги вакили, саудиялик генерал Аҳмад Асирийнинг маълум қилишича, Саудия Арабистони «хусийлар тўлиқ таслим бўлмаганича Яманни бомбардимон қилиш тўхтатилмайди».
Унинг сўзларига кўра, «Ансоруллоҳ» марраларига ҳаводан зарба беришнинг қайта бошланишига нафақат ўт очишни тўхтатиш тартиби хусийлар томонидан мунтазам бузилгани, балки жанговар ҳаракатлар тўхтатилган вақтда Яманга тақдим этилган барча гуманитар юклар, аҳолига етиб бориш ўрнига, исёнчилар томонидан талон-тарож қилингани ҳам сабаб бўлган.
Аввалроқ Саудия Арабистони ташқи ишлар вазири Одил ал-Жубайр «араб коалицияси» томонидан эълон қилинган «гуманитар танаффус» ўз олдига қўйилган мақсадларга ета олмаганини, «Яманга етказиб берилган озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситалари «Ансоруллоҳ» бўлинмалари томонидан эгаллаб олингани»ни маълум қилганди.
Ўт очишни тўхтатиш тартиби 12 май куни Саудия Арабистони томонидан эълон қилинган эди. Ушбу тартиб 18 май оқшомида якунига етди ва Саудия Арабистонидан ташқари Баҳрайн, Қатар, Кувайт ва БААдан (уларга Миср, Иордания, Марокаш ва Судан кўмак бермоқда) иборат «араб коалицияси «Умиднинг уйғониши» операциясини қайтадан бошлаб, хусийларнинг марраларини бомбардимон қилишга киришди.
Изоҳ (0)