Ижтимоий тармоқларда “Андижон сув таъминоти” директори ходимларга нисбатан ўринсиз сўзлар ишлатгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат “Ўзсувтаъминот” одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилди.

Қайд этилишича, “Ўзсувтаъминот” акциядорлик жамияти тизимида хизмат интизоми, профессионал этика ва ходимларнинг шаъни ҳамда қадр-қимматини ҳурмат қилиш доимий равишда асосий тамойил сифатида белгиланган. Бу борада бошқарув раисининг тегишли буйруғи билан акциядорлик жамияти ва тизим ташкилотлари ходимларининг одоб-ахлоқ қоидалари тасдиқланган бўлиб, унда барча раҳбар ва ходимларга хушмуомала, одобли, адолатли, ҳамкасблар ва фуқароларга нисбатан ҳурматда бўлиш талаблари аниқ белгилаб қўйилган.
Шу муносабат билан, ижтимоий тармоқларда “Андижон сув таъминоти” АЖ директори Д. Қўлдошевнинг ходимларга нисбатан ноўрин сўзлар ишлатгани ҳақидаги маълумотлар “Ўзсувтаъминот” АЖ одоб-ахлоқ комиссияси томонидан кўриб чиқилди.

Маълум қилинишича, Д.Қўлдошев интернетда тарқалган ҳақоратли сўзлари учун ходимлардан узр сўраган ва бу ҳолат бошқа такрорланмаслиги бўйича изоҳ берган. Комиссия қарорига мувофиқ мазкур ҳолат бўйича Д.Қўлдошевга нисбатан қаттиқ огоҳлантириш берилиб, агар бундай қоидабузарлик яна қайтарилса, Меҳнат кодексининг 312-моддасига асосан интизомий жазо чораси қўлланилиши ҳақида огоҳлантирилди.
“Андижон сув таъминоти” АЖ молия-иқтисод масалалари бўйича директор ўринбосари А.Юлдашев устидан келиб тушган мурожаатлар сони ортгани сабабли, унга Меҳнат кодексининг 312-моддаси 1-қисмига мувофиқ “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилди.
Изоҳ (0)