1917 йилда Россияда давлат тўнтариши уюштирилади ва ҳокимият тепасига болшевиклар келади. Кейинчалик коммунистлар номи билан танилган бу гуруҳ СССР деган давлатни ташкил этади ва оёққа туриб олгач миллионлаб инсонларни қатағон қилади. Халқни ноҳақ жазолаш 36 йил давом этади ва 1953 йилда Сталиннинг вафотидан сўнг тўхтайди. Болшевиклар қатағонлар давомида фойдаланган бир қанча қамоқхоналар кейинчалик “Энг қўрқинчли қамоқхоналар” номини олади.
Совет даврида миллионлаб инсонлар умрига зомин бўлган Сталин режими 1930 йилларнинг иккинчи ярмида ўз қатағонларини тасодифан бошламаган. Тузум бунга анча олдинроқ тайёргарлик кўра бошлаган.
Жумладан, 1930 йилда НКВД номи билан машҳур бўлган Ички Ишлар Халқ Комиссариати қошида Қамоқхоналар Бош Бошқармаси (ГУЛаг) деб аталган махсус тузилма тузилади. Сўнг мамлакатдаги барча қамоқхоналар шу бошқарма ихтиёрига ўтказилади ва дастлабки қатағонлар бошланади.
СССР бўйлаб миллионлаб инсонлар “ГУЛаг” қамоқхоналарига ташланади ва мислсиз азобларга гирифтор қилинади. “Халқ душмани” деб аталган маҳбусларнинг катта қисми “ГУЛаг”дан тирик қайтмаган. Қайтганлари ҳам ўзи тортган азоблар ҳақида гапиришни истамаган. Чунки уни яна қамашлари мумкин эди.
Кенг омма ГУЛагдаги ваҳшиёна қийноқлар ҳақида илк бор Солженициннинг Сталин қатағонлари ҳақида ёзган “ГУЛаг архипелаги” асари орқали хабар топади. Адиб бу асарида одамлар қамоқхоналарда қандай қийноқларга дучор қилинганини фактлар билан келтириб ўтганди.
Умуман олганда СССРда ГУЛаг таркибига кирувчи қамоқхоналар лагерлар ҳисобланган ва уларда сақланган маҳбуслар оғир ишларда ишлатилган.
Бундан ташқари мамлакатда махсус қамоқхоналар ҳам бўлган ва ҳатто одамлар уларнинг номини тилга олишга қўрққан.
Қўйида СССРда энг қўрқинчли ва даҳшатли деб ҳисобланган бешта қамоқхона ҳақида маълумотлар келтирамиз.
Сухановск қаттиқ режимли қамоқхонаси
Шартли равишда «Махсус объект 110» деб номланган ушбу қамоқхона Бериядан аввал НКВД раҳбари бўлган Николай Ежов томонидан ташкил этилган.
Ўшанда бу қамоқхонани шахсан Ежовнинг ўзи назорат қилган. Кейинчалик назорат НКВД раҳбарлигига тайинлангани Лаврентий Берияга ўтган.
Сухановск қамоқхонасидаги тартиб ўта қаттиқ бўлган. Агар бу ерда сақланган маҳбус арзимаган ошиқча ҳатти-ҳаракат қилса қоровуллар ўйлаб ўтирмасдан отиб ташлашган.
Сухановскнинг эшигидан кирган аксарият маҳбуслар ундан тирик ҳолда чиқмаган. Аксарият ҳолларда қамоқхонадан уларнинг жасади чиққан. Айрим пайтларда ҳатто жасадни ҳам беришмаган ва қамоқхонадаги крематорийда ёқиб юборишган.
Сухановск қамоқхонасининг машҳурлиги шундаки, унда Сталин тузумига қарши деб айбланган фақат юқори лавозимли мутасаддилар сақланган ва тергов қилинган.
Энг қизиғи, Сухановск қамоқхонасини ташкил этган Ежовнинг ўзи ҳам, отиб ташлашгунча унинг бир кишилик камерасида сақланган.
Бутирск қамоқхонаси
Халқ орасида «Бутирка» номи билан машҳур бўлган ушбу қамоқхона 18-асрда Екатерина II фармони билан қурилган. 1917 йил кузда ўтказилган давлат тўнтаришигача «Бутирка» оддий қамоқхона бўлган.
СССР ташкил этилгач у махсус қамоқхонага айлантирилади ва «Бутирка»да ҳам асосан сиёсий айбловлар билан айбланган юқори лавозимли мутасаддилар сақланади.
«Бутирка» номи ўзбек халқига ҳам жуда яхши таниш. Бугун ёш авлод балки ўша даврларни билмас, «Бутирка» ҳақида эшитмаган чиқар. Аммо катта авлод вакиллари бу даҳшатли қамоқхонани яхши эслайди.
1980 йилларнинг ўрталарида бошланган машъум «Пахта иши» даврида ноҳақ айбланган ўзбекистонлик юқори лавозимли мутасаддиларнинг аксарияти «Бутирка»га олиб бориб тиқилган ва ўша ерда тергов қилинган.
2019 йилда Россия жазони ижро этиш федерал хизмати директори ўринбосари Валерий Максименко «Бутирка»ни ёпилиши ҳақида маълум қилган.
Лефортовск қамоқхонаси
Лефортовск қамоқхонаси Москвада жойлашган бўлиб, уни 1881 йилда қисқа муддатга қамалганларни сақлаш учун қуришади. Октябрь тўнтаришидан кейин бошқа қамоқхоналар каби Лефортовск қамоқхонасининг ҳам «вазифаси» ўзгаради.
НКВД учун Москва марказидаги бу қамоқхонада «Халқ душманлари», «Ватан хоинлари» билан «ишлаш» жуда қулай эди. Шу учун 1930 йиллардан бошлаб унда асосан сиёсий маҳбуслар сақланадиган бўлди.
1937 йилда Сталин қатағонларининг «катта тўлқини» бошланганда бу қамоқхонада кўплаб юқори лавозимли шахслар сақланган ва отиб ўлдирилган.
Минусинск қамоқхонаси
Минусинск қамоқхонаси Красноярск ўлкасидаги Минусинск шаҳарчасида жойлашган.
Ушбу қамоқхона 1912 йил Чор Россияси даврида, Сибирга сургун қилинганлар белгиланган тартибларни бузганда жазолаш учун махсус қурилган.
Кейинчалик, Октябрь тўнтаришидан кейин, ундан сўнг Сталин қатағонлари бошланганда қамоқхона сиёсий маҳбусларни сақлаш учун НКВДга жуда «асқатади».
Сибир тарафларда «Ватанга хиёнат қилган»ликда айбланганларнинг аксарияти ушбу қамоқхонада тергов қилинади ва отиб ташланади.
Боготяновск қамоқхонаси
Боготяновск қамоқхонаси Ростов шаҳрида жойлашган бўлиб, у 1768 йилда Екатерина II фармони билан қурилган.
Чор Россияси даврида оддий қамоқхона бўлган ушбу жазолаш муассасаси СССР даврига келиб, Сталин қатағонлари даврида қаттиқ режимли қамоқхонага айлантирилади.
НКВД, бу қамоқхонада ҳам туҳмат билан қамалган кўплаб сиёсий маҳбусларнинг «бошига етган».
Боготяновск қамоқхонасидаги тартиблар жуда ваҳшиёна бўлган. Шу учун ҳам бугун тарихчилар ушбу қамоқхонани Россия тарихидаги энг даҳшатли қамоқхоналардан бири бўлган деб ҳисоблашади.
Брестдаги қамоқхона
Брест шаҳри бир пайтлар Польша таркибида бўлган. 1939 йилда Германия ва СССР Польшага икки томондан ҳужум қилади ва уни иккига бўлиб олади. Ана шунда Брест Белоруссияга қўшиб берилади.
Шундан сўнг шаҳардаги қамоқхонага асирга олинган поляклар жойлаштирилади ва улар ваҳшиёна қийноққа солинади. Ана шу пайтда Брестдаги қамоқхона СССРдаги энг қўрқинчли қамоқхоналарнинг бирига айланади.
1944 йилда совет армияси Польшани немислардан озод қилаётганда пойтахт Варшавада поляклар қўзғолон кўтаришади. Улар бир томондан немисларга, бошқа томондан совет армиясига қарши жангга киришади.
Чунки қўзғолончилар Польша давлатининг Москва таъсир доирасида қолишига қарши эди. Совет армияси қўзғолонни бостиради. Сўнг қўлга тушганларни Брест қамоқхонасига олиб келиб, шу ерда қийноқларга солишади ва отиб ташлашади.
Минск қамоқхонаси
Минск қамоқхонасига ҳам худди Брест қамоқхонасида бўлгани каби 1939 йилда асирга тушган поляклар олиб келиб жойланади. НКВД бу ерда уларни қийноққа солади ва аксариятини ўлдириб юборади.
Урушдан кейин Сталин вафотигача Минск қамоқхонасида асосан сиёсий айблар билан ноҳақдан айбланган маҳбуслар сақланади. Бу маҳбусларнинг бир қисми қамоқхонанинг ўзида ўлдириб юборилган. Бошқалари даҳшатли қийноқларга солинган.
Рига қамоқхонаси
Болтиқбўйида жойлашган Эстония, Литва ва Латвия 1940 йилгача Германия вассаллигидаги мустақил давлатлар эди. Германия ва СССР ўртасидаги яширинча келишувга кўра ўша йили советлар бу уч республикани босиб олади. Сўнг иттифоқдош республикага айлантириб СССР таркибига тиқади.
Ўшанда ҳар уч республикада совет тузуми ўрнатилишига қарши бўлганлар етарлича эди. НКВД уларга қарши “ов” бошлайди ва қўлга тушганларни асосан Ригадаги қамоқхонага жойлаштиради. Бу ерга тушган маҳбуслар қаттиқ қийноқларга солинади. Бир қисми ўлдириб юборилади.
Урушдан кейин ҳам Болтиқбўйи республикаларида совет тузумига қарши кайфият сақланиб қолади. Шу сабабли КГБ ноҳақ сиёсий айблар билан ҳибсга олган одамларни асосан Рига қамоқхонасида сақлайди.
Олмаота қамоқхонаси
Узоқ йиллар давомида Қозоғистон пойтахти бўлган Олмаота шаҳридаги қамоқхона ҳам шаҳарга асос солинган йилларда қурилган. Октябрь тўнтаришидан сўнг унга ҳам асосан совет ҳукуматига қарши бўлганлар сақланган.
Кейинчалик, Сталин қатағонлари бошлангач унга ноҳақдан сиёсий айблар билан айбланган шахслар қамалган. Олмаота қамоқхонасида шахслар қаттиқ қийноқларга солинган ва айримлари шу ерда ўлдирилган.
Тоштурма
Тошкент шаҳрида жойлашган ва Тоштурма номи билан танилган қамоқхона шаҳарни руслар эгаллагандан сўнг 1891 йилда қурилган. Ўша пайтларда бу ерда ўғрилар ва бошқа жиноятчилар билан бирга Чор Россиясига қарши бўлганлар сақланган.
Октябрь тўнтаришидан сўнг Тоштурма минтақадаги асосий қамоқхонага айлантирилади ва совет тузумига қарши курашганлар шу ерга қамалади.
Кейинроқ, коллективлаштириш жараёнида ва Сталин қатағонлари даврида ноҳақ айбланган бошқа республикалар фуқаролари ҳам шу ерда сақланади.
Тоштурма 1980 йиллар бошларида яна машҳур бўлади. Ўшанда Москвадан юборилган терговчилар “пахта иши” баҳонасида жуда кўплаб ўзбекистонликларни ҳибсга олади ва уларни асосан Тоштурмада сақлайди. Юқори лавозимли амалдорлар эса Москвадаги Бутирка қамоқхонасига юборилади.
Совет даврида Тоштурмада маҳбуслар қаттиқ қийноқларга солинган, айримлари ўлдириб юборилган. Тоштурма 2018 йилгача фаолият олиб борди ва ўша йили ёпилди.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Изоҳ (0)