АҚШнинг Оклахома штатида шанба куни юз берган бўрон ва торнадо натижасида ўнлаб турар-жой бинолари ва хўжалик иншоотларига зарар етди. ТАССнинг хабар беришича, табиий офат натижасида бир қатор туманларда электр таъминоти ишдан чиққан.
«Ҳозирги вақтда бизда мазкур табиий офат натижасида ҳалок бўлганлар ёки жабрланувчилар ҳақида ахборот йўқ. Умид қиламизки, бундан кейин ҳам бўлмайди», - деди штат фавқулодда вазиятлар хизмати вакили Кели Кейн.
Кейннинг сўзларига кўра, штатда электр энергия таъминоти узилиб қолиши билан боғлиқ 3 мингдан ортиқ ҳолат ҳақида ахборот келиб тушган. Оклахомадаги кучли шамол, ёғингарчилик ва дўл 14 соатдан ортиқ давом этиши кутилмоқда.
Май ойи бошида штатда кузатилган кучли бўронлар натижасида 30га яқин киши жабрланган, ертўласига яширинган аёл эса, иншоотнинг сувга тўлиши натижасида, чўкиб ҳалок бўлганди. Ўшанда Оклахоманинг 12 округида фавқулодда ҳолат тартиби жорий этилганди.
Изоҳ (0)