Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида эркин, юнон-рум ва аёллар кураши бўйича Осиё чемпионати ўз якунига етиб боряпти. Кеча мусобақанинг тўртинчи кунги баҳсларида юнон-рум кураши бўйича бир гуруҳ ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Қувонарлиси, улар орасида ўзбекистонлик курашчилар ҳам бор, деб хабар бермоқда «Olamsport».
Жумладан, -59 кг вазн тоифасида гиламга чиққан ҳамюртимиз Элмурод Тасмурадов барча рақибларини мағлубиятга учратиб, Осиё чемпиони унвонига сазовор бўлди. Элмурод ҳал қилувчи финал баҳсида КХДР вакили Вон Чол Юхни 9:4 ҳисобида мағлубиятга учратиб, шохсупага кўтарилди. Тасмурадов чорак финалда хитойлик Киэ Тиянни 8:0, ярим финалда эса япониялик Ота Шинобуни 9:0 ҳисобида доғда қолдирди.
-85 кг вазн тоифасида юртимиз спорт шарафини ҳимоя қилган Рустам Ассакалов ҳам Осиё чемпиони бўлди. У олтин медаль учун кечган мураккаб баҳсда қозоғистонлик Нурсултан Турсиновни қўшимча кўрсаткичлар эвазига таслим этди. Асосий вақт 4:4 ҳисобида яккунланган эди. Ассакалов чорак финалда кореялик Парк Жин Сунгни 10:2, ярим финалда эса эронлик Довуд Чадорчини 8:6 ҳисобида таслим этди.
-71 кг вазн тоифасида ўз имкониятини синовдан ўтказган Нурбек Холмуҳамматов эса Осиё чемпионатининг бронза медали билан тақдирланди. Нурбек бронза медали учун кечган баҳсда кореялик Жунг Геун Лидан 9:3 ҳисобида устун келди.
Эслатиб ўтамиз, бир кун авал -70 кг вазн тоифасида гиламга чиққан Осиё ўйинлари ғолиби Бекзод Абдураҳмонов ҳам барча рақибларини мағлубиятга учратиб, Осиё чемпионига айланган эди. У олтин медаль учун кечган мураккаб финал баҳсида тожикистонлик рақиби Зелимхон Юсуповни 6:5 ҳисобида мағлуб этганди.
Таъкидлаш жоиз, Бекзод Абдураҳмонов финалга қадар хитойлик Хайвей Лингни 8:0, чорак финалда япониялик Такафуми Кожимани 10:2, ярим финалда эса ҳиндистонлик Парвин Ранани 13:8 ҳисобида таслим этган эди.
Терма жамоамизнинг яна бир етакчи полвони Рашид Қурбонов эса -74 кг вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритганди. Ҳамюртимиз ярим финал беллашувида эронлик Пейман Муртазо Ярахмадига 0:2 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйган эди. Бронза медали учун кечган баҳсда эса қирғизистонлик Муслим Эвлоевдан 3:0 ҳисобида устун келганди.
Эслатиб ўтамиз, Осиё чемпионатининг биринчи кунги баҳсларида Руслан Плиев (-65 кг) ва Умиджон Исманов (-86 кг) бронза медалларига сазовор бўлишганди. Демак, бугун ўтказиладиган сўнгги баҳслар олдидан терма жамоамиз ҳисобида 3 та олтин, 4 та бронза медали бор.
Изоҳ (0)