11 май куни Ўзбекистон давлат санъат музейида «Генри Мур ижодидан илҳомланиб» кўргазмаси очилди, деб хабар қилади UzDaily.
Кўргазмадан Генри Мурнинг издоши, замонавий британиялик рассом Сара Жиллет томонидан ўтказилган маҳорат дарсида қатнашган рассомчилик ўқув юртлари талабалари, ўқитувчилари ва эркин рассомларнинг 40 дан ортиқ тошбосма усулидаги ишлари жой олган.
Маҳорат дарслари вақтида Генри Мурнинг тошбосмаларидан илҳомланган иштирокчилар кўргазма учун ўзларининг коллекцияларини тақдим этди. Бу экспозиция икки қисмдан иборат: биринчи қисми бевосита маҳорат дарси жараёнида амалга оширилган ишлардан, иккинчиси қатнашчиларнинг семинар якунлари бўйича қилган ижодий ишларидан ташкил топган.
Ушбу маҳорат дарслари илмий мақсадлар йўлида видеога олинди ва санъат соҳасида мутахассисларни тайёрлайдиган 4 та ўқув юртида ўқув дастурига киритилади.
Эслатиб ўтамиз, «Генри Мур: графика устаси» кўргазмаси 19 февралдан 30 майгача ўтказилади. Ҳозиргача 9 мингдан ортиқ Тошкент аҳолиси ва меҳмонлари кўргазмага ташриф буюрди.
Изоҳ (0)