Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатида Европа парламентининг Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Ивета Григуле билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «ЎзА».
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи муносабатлари изчил ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Эвропа парламенти делегацияси раҳбарига мамлакатимизда 2014 йили бўлиб ўтган парламент сайлови натижалари ва Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, унинг қўмиталари, фракциялари ва депутатлик гуруҳлари фаолияти ҳақида сўзлаб берилди.
– Ўзбекистон билан ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорлигимиз учун мустаҳкам асос яратилган, – деди Григуле. – Бугунги мулоқотда навбатдаги парламентлараро учрашув ва музокаралар ўтказиш режасини белгилаб олдик.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида бўлиб ўтган учрашувда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш, парламентлараро муносабатларни янада ривожлантириш тадбирларини ташкил этиш, қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашишга доир масалалар муҳокама этилди.
Томонлар парламентлараро муносабатларни ривожлантиришнинг жорий босқичини юқори баҳолашини таъкидлади ва ўзаро манфаатли масалалар юзасидан фикр ҳамда ахборот алмашиш жараёнини янада фаоллаштиришга келишиб олди.
Европа парламентининг Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон билан алоқалар бўйича делегацияси раиси Ивета Григуле Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида ҳам учрашув ўтказди.
Изоҳ (0)