Ўлдириб кетилган мухолифатчи сиёсатчи Борис Немцов ҳамда унинг фарзандларининг адвокатлари Россия Тергов қўмитаси раиси ҳузуридаги алоҳида муҳим ишлар бўйича бош терговчи Игорь Красновга мурожаат қилиб, Чеченистоннинг бир қатор юқори лавозимли мансабдорлари, жумладан Рамзан Қодировни «қотилликни ташкиллаштиришга алоқадорлик» бўйича сўроқ қилишни талаб қилди. Бу ҳақда «Коммерсант» хабар берди, деб ёзади «Газета.ru».
Нашрнинг эслатишича, Немцовнинг фарзандлари аввалроқ сиёсатчининг ўлдириб кетилиши иши бўйича жабрланувчи деб тан олинган эди.
Адвокатлар мурожаатномасида Немцовнинг отиб кетилишида гумон қилинувчилар қўлга олинганида Чеченистон раҳбари айтган гаплар келтирилади. Шундан келиб чиқиб, Қодиров «нафақат қотиллик ижрочилари, балки ушбу сиёсий қотилликнинг ташкилотчи ва буюртмачилари ҳақидаги маълумотга эга бўлиши мумкинлиги» айтилади.
Изоҳ (0)