Тошкентда тескари йўналишда ҳаракатланган Chevrolet Cobalt автомобиль ҳайдовчи тўғри йўналишдаги автомобилдан йўл беришни талаб қилди. Бу ҳақда Facebook фойдаланувчилари маълум қилган.
Келтирилган фотосуратлар ва видеолавҳада Тошкентнинг Қорасув мавзесидаги «Садаф» ресторани яқинида бир томонлама ҳаракат учун мўлжалланган кўчада давлат рақами 01 K 565 GA бўлган қора рангли Cobalt автомобили қарама-қарши йўналишдан келгани акс этган.
Дастлаб, қоидабузар автомобилнинг йўловчиси тўғри йўналишдан келиб, унга йўл бермаган машинага эътироз билдирмоқчи бўлган, бироқ камерани кўриб ортга қайтган. Кейин эса ҳайдовчи тушиб келиб, тўғри йўналишдаги машина ҳайдовчисига эътироз билдирган, у эса йўл бошида «Кириш тақиқланган» белгиси борлигини айтган. Шунга қарамай, Cobalt ушбу автомобилни айланиб ўтиб, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланишда давом этган.
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилар Cobalt ҳайдовчисининг ушбу ҳаракатларини кескин танқид остига олган. Видеолавҳа ва фотосуратлар муаллифи ушбу ҳудудда бундай ҳолатлар учраб туришини маълум қилган.
Изоҳ (0)