Республика болалар кутубхонасида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида «Фарзандимга китоб совға қиламан!» маърифий акцияси ўтказилди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари С. Саййид ва бошқалар мамлакатда ёш авлод маънавиятини юксалтириш, уларни ҳар жиҳатдан соғлом ва баркамол инсонлар бўлиб вояга етиши учун зарур шароит яратиш, китобга бўлган меҳрини ошириш масаласига устувор вазифа сифатида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Шу куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги барча ахборот-ресурс марказларида шу каби маърифий акциялар, ёзувчи ва шоирлар, адабиётшунос олимлар билан учрашувлар бўлиб ўтди. Болалар учун Ўзбекистон нашриётларида тайёрланган китоблар, альбом ва журналларнинг кўргазмаси ташкил этилди. Ўғил-қизларга бадиий, илмий-оммабоп адабиётлар совға қилинди.
Аввалроқ, мазкур акция давомида 2 апрель куни Тошкент шаҳридаги Республика болалар кутубхонаси ҳамда Ўзбекистондаги барча 1073 та ахборот-ресурс марказида «Очиқ эшиклар куни» тадбирлари ташкил этилиши хабар қилинган эди.
Изоҳ (0)